MUNOSIB NOMZODLAR MAHALLA FUQAROLAR YIG'INLARI RAISLIGIGA SAYLANADI



   Бугун вилоятимиздаги 55 та маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайлови бўлиб ўтди.

    Жорий йилнинг 16 май куни мамлакатимизда маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайлови бошланди. 
Сайловда вилоятимиздаги 526 та маҳалла фуқаролар йиғинида раис сайланади. 
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга мувофиқ ушбу муҳим жараёнга шаҳар ва туманларда қизғин ҳозирлик кўрилди. Вилоят, туман ва шаҳарлардаги сайловни ташкил этиш ва ўтказишга  кўмаклашувчи комиссиялар, маҳаллалардаги ишчи гуруҳлари ўз ваколатлари доирасидаги тайёргарлик тадбирларини амалга оширдилар. 
    Бугун вилоятимиздаги 55 та маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайлови бўлиб ўтди. Ушбу маҳаллалар фуқаролар йиғинлари раислигига бўлиб ўтган сайловда ҳар бир номзод йиғилишларда қатнашаётган вакилларни ўз дастурлари билан атрофлича яқиндан таништирдилар. 
    Шунингдек, ўз навбатида сайловга келган фуқаролар ўзларининг саволларига жавоблар ҳам олишди. 
    Раисликка номзодларнинг сайловолди дастурлари билан танишган фуқаролар ўзлари муносиб кўрган номзодларга овоз беришди. 
   -  Вилоятимизда маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилди. Ва бугун мазкур жараён маҳаллаларда  кўтаринкилик билан бошланди, - дейди фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга  кўмаклашувчи Хоразм вилоят комиссияси раиси Олтибой Ражабов. – Сайловни ташкил этиш ва юксак савияда ўтказиш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланди.Бугун бўлиб ўтган сайловда раисликка номзодлар ўзларининг сайловолди дастурлари билан аҳолини яқиндан таништирдилар. Шуниси қувонарлики, номзодларнинг дастурларидан маҳаллаларни янада ободонлаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича истиқомат жойларининг ўзида янгидан иш ўринлари очиш, маҳаллада тадбиркорликни янада ривожлантириш каби муҳим, долзарб масалалар ўрин олган.  Маҳаллаларни янада обод этиш, аҳоли учун барча соҳаларда қулайликлар яратиш диққат-марказида бўлмоқда.
    Ҳа, вилоятимизда маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови юқори савияда, маҳаллаларда истиқомат қилаётган вакилларнинг фаол иштирокида бўлиб ўтмоқда. 
            
              С.РАҲИМБЕРГАНОВА.     


16-05-2022, 22:57
Ko'rishlar: 413
Sahifani chop etish