YURTIMIZ YANADA CHIROY OCHIB, GULLAB-YASHNAMOQDA
Бугун “Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги” шиори остида ўтказилган умумхалқ ҳайрия ҳашарида юртдошларимиз фаол иштирок этдилар.
Ҳа, эрталабданоқ вилоятимиз шаҳар ва туманларида, маҳаллаларида, меҳнат жамоалари бинолари олдида элдошларимиз дарахт ва гул кўчатларини ўтқазиб, ободонлаштириш ишларини жадал суръатлар билан бошлаб юбордилар.

Шунингдек, баҳор фаслининг илк кунлари экилган дарахт кўчатларини парвариш қилиш ва гулзорларга экилган гулларни баравж ривожини таъминлаш мақсадида қатор ишлар олиб борилди. Дарахт кўчатлари оқланиб, уларга шакл берилиб, гулзорлар суғорилди. Бу эса уларнинг янада ривожини таъминлаб, атроф-муҳитни янада яшилликлар билан буркаб, чирой очишида алоҳида аҳамият касб этди.


Урганч шаҳридаги Камолат маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси Ойсара Мадраҳимованинг қайд этишича, маҳалладаги 31 та кўчанинг барчасида ўтқазилган дарахт кўчатлари бир текис ривожланмоқда. Гулзорларда турфа ранг гуллар атрофга хушбўй ҳид таратмоқда.
- Бугун эрталабданоқ маҳалламизда кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилди. Маҳалладошларимиз умумхалқ ҳайрия ҳашарида фаол иштирок қилдилар. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар, кексалар хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди ҳамда зарур озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. – дейди Ойсара Мадраҳимова.
Шунингдек, вилоятдаги маҳаллалар ҳудудидаги мавжуд болалар спорт майдончалари, ўйингоҳлар тартибга келтирилди.
Кўп қаватли уйлар атрофларига экилган дарахт кўчатлари сони янада ошиб бориб, атроф-муҳит яшилликка бурканмоқда.
“Маҳалла ободлиги - юрт фаровонлиги” ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари куни вилоятимизда 682 гектарга яқин ер майдонлари ободонлаштирилди. 80 километрга яқин ариқ ва лотоклар тозаланди. 594 та қабристон ва 32 та зиёратгоҳ ободонлаштирилди. 70 минг тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларига мурувват ёрдамлари кўрсатилди. Жумладан, 168 дан зиёд кам таъминланган оилаларнинг 7 159 кв.метр уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди. Ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқароларга моддий ёрдамлар кўрсатилди.
“Маҳалла ободлиги - юрт фаровонлиги” ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари доирасида кўплаб эзгу ишлар, хайр-саховат тадбирлари ташкил этилди.

Умумхалқ хайрия ҳашари давомида элдошларимизнинг уюшқоқлик билан олиб борган эзгу амаллари натижасида шаҳар ва қишлоқларимиз янада чирой очиб, гуллаб-яшнади.
Отахон РАҲИМ.